Қисқача тарихий экскурс
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНК-МОЛИЯ АКАДЕМИЯСИ
ҚИСҚАЧА ТАРИХИЙ ЭКСКУРС
Ташкил этилиши ва ривожланиш тарихи
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг Банк-молия академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги 1460-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 180-сонли қарорига асосан ташкил этилган.
1996 йили Ўзбекистон Республикаси Банклари Ассоциацияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини ташкил қилиш борасида илк маротаба сўз очилди. Ва шу йилнинг июнь ойидан Академияни ташкил қилиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган бўлса, шу йилнинг 4 ноябрь санасида Академия очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси - банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича, шунингдек кўрсатиб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Бугунги кунда Академия банк-молия соҳасида ўқув, ўқув-услубий, илмий ва ахборот-таҳлил, шунингдек, банк-молия бошқарув ходимлари ва мутахассислари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини бошқаришда республикамизнинг бош марказидир.
Банк-молия академияси ташкил этилганига 23 йил тўлган бўлса, бу қисқа давр мобайнида ушбу даргоҳдан вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, шунингдек, кўплаб банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрлари етишиб чиқди.
Факультетлар
1996 йилда юқоридаги қонун ҳужжатлари асосида Академияда қуйидаги факультетлар ташкил этилди:
1. Банк иши.
2. Молия.
3. Етакчи банк, молия ва солиқ ходимларининг малакасини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19 сентябрдаги 44-сонли “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида солиқ иши факултетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15-апрелдаги “Банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-56-сонли қарорига биноан 2005 йилда Академияда иккита янги факультет ташкил этилди:
Солиқ иши
Лойиҳавий молиялаштириш.
Академияда ҳозирги кунда 4 та магистратура йўналиши, яъни:
- Банк иши
- Молия
- Солиқ иши
- Лойиҳаларни молиялаштириш факультетларида бошқарувчи кадрлар тайёрланмоқда, шунингдек,
- Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида ҳам тингловчиларга билим берилмоқда.
Мутахассисликлар
Республика иқтисодиёти тармоқлари ва тармоқларида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, олий таълим мутахассисликларини янада оптималлаштириш ва бирлаштириш мақсадида 2011 йилда янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори тасдиқланди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси қуйидаги мутахассисликлар бўйича магистрларни тайёрлайди:
- “Иқтисодиётни монетар тартибга солиш”,
- “Тижорат банкларини бошқариш”,
- “Банк ҳисоби, аудити ва назорати”,
- “Инвестицияларни бошқариш (банк сектори)”,
- “Инвестицияларни бошқариш (реал сектор)”,
- “Давлат молиясини бошқариш”,
- “Давлат молиявий назорати ва аудити”,
- “Суғурта компанияларини бошқариш”,
- “Пенсия фондларини бошқариш”,
- “Корпоратив молияни бошқариш”,
- “Солиқлар ва солиққа тортиш” мутахассисликлари бўйича халқаро таълим стандартларига мос келувчи ўқув дастурлар асосида таълим бериб келинмоқда.
Кафедралар
Юқоридаги факультетлар базасида 7 та кафедра мавжуд:
- Банк иши
- Молия
- Инвестициялар
- Бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит
- Пенсия ва суғурта иши
- Солиқлар ва солиқ солиш
- Чет тиллар
Академия ўқув фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётини ривожлантиришнинг замонавий талаблари, шунингдек молия ва банк соҳасидаги халқаро таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда давлат таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари асосида олиб боради.
Академия ташкил топган кундан ҳозирги кунгача 3298 магистрантлар академияни муваффақиятли тугатдилар, улардан 1100дан ортиғи чет эл тажрибасини ўрганиш ва ўз ватанларида олган билимларини чуқурлаштириш учун АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларида амалиёт ўташди.
Илмий фаолият борасида шубҳасиз ютуқлар мавжуд: бугунги кунга қадар 50дан ортиқ докторлик ва 300дан ортиқ номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, 12000дан ортиқ банк, молия ва солиқ тузилмалари ходимлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўтадилар
Академияда дунёнинг етакчи хорижий университетлари ва илмий марказларида таҳсил олган, стажировка ўтаган ва малака оширган, илғор хорижий таълим стандартлари ва технологияларини пухта эгаллаган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдалана оладиган, ўз мутахассислиги бўйича фундаментал ва замонавий билимга эга бўлган профессор-ўқитувчилар, доцентлар тингловчиларга мутахассислик фанининг замонавий илмий-назарий, методологик ва амалий муаммоларидан сабоқ бериб келмоқда.
Халқаро алоқалар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 майдаги 180-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси республика банк-молия тизими учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида нуфузли хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини олиб бормоқда.
Академия профессорларига ва Япониянинг таниқли давлат арбобларига Фахрий давлат мукофотлари топширилди, уларнинг фаолияти Ўзбекистон банк-молия тизимида малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида академиянинг шаклланиши, ривожланиши ва муваффақиятли фаолияти билан бевосита боғлиқ эди.
Шундай қилиб, 2002 йилда БФА биринчи проректори (1996-2003), Васеда университети профессори Тошихару Китамура ўзининг самарали фаолияти ва Ўзбекистон банк-молия сектори учун малакали мутахассислар тайёрлашда ҳамда ўзбек-япон ҳамкорлиги ва миллатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги шахсий ҳиссаси учун- Фанлар академияси Илмий кенгашининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг “Фахрий профессор” унвони берилди.
1996 йилдан бошлаб Академия Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институти билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. БМА профессорлари ҳамда академиянинг ташкил этилиши, ривожланиши ва Ўзбекистоннинг банк-молия соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш жараёнида мувафаққиятли фаолият олиб боришига бевосита боғлиқ бўлган Япониянинг илғор давлат раҳбар-ходимлари ҳукуматимизнинг бир қатор фахрий унвон ва мукофотларига лойиқ топилишди.
2003 йил май ойида Академияга ташриф буюрган Япониянинг собиқ молия вазири Масаджуро Шиокавага Ўзбекистон банк-молия соҳаси учун етук мутахассислар тайёрлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун Академия Илмий Кенгаши қарори билан Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражаси берилди.
2003 йил октябр ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Тошихару Китамура "Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссаси ва республиканинг банк-молия тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ютуқлари учун" юқори ҳукумат мукофоти - "Дўстлик" ордени билан мукофотланди.
2007 йил сентябрда Номура илмий текшириш институтининг бош маслаҳатчиси, Осиё Тараққиёт Банки собиқ президенти Тадао Чинога Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражаси берилди.
2014 йил 5 май куни Япония Бош Вазири ва Молия Вазири жаноб Таро Асога Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг “Фахрий доктор” даражасини бериш маросимидан олдин, Вазир жаноблари академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари олдида тантанали нутқ сўзлади.
Бундан ташқари Япония Молия вазирлиги қошидаги Сиёсат тадқиқотлари институтининг вакили – профессор Ш.Кашиваги 2008-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси биринчи проректори вазифасида фаолият юритиб, Академия ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келган.
Булардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси Буюк Британия, Голландия, Белгия, Греция, Полша, Люксембург, Германия, Швейцария, Прага, Малайзия, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Сингапур, Россия Федерацияси, АҚШ каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Академия ўқитувчилари ва тингловчилари ҳар йили ушбу мамлакатларда ўқув-амалиёт ва тажриба орттириш дастурларида, илмий- амалий семинарларда, ўқув курсларида иштирок этиб, ўз мутахассисликлари бўйича билим ва малакаларини шакллантириб боришмоқда.
2013 йил сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилиниб, унга кўра Банк-молия академиясида таълим олиш муддати 2 йилни ташкил этадиган бўлди. Бу эса, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда олий таълимнинг умумқабул қилинган халқаро стандартларига тўла мос келади.
Шу дақиқадан бошлаб академия тарихида янги босқич бошланди, унинг асосий мақсади банк, молия, солиқ ишлари ва инвестиция соҳасиларида инглиз тилини мукаммал биладиган, ўз мутахассислиги бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни ҳар томонлама ўзлаштирган, дунёнинг нуфузли ўқув ва илмий марказларида, илғор халқаро ва хорижий молиявий институтларда амалиёт ўтаган юқори малакали бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлашдан иборат.