Банк-молия академиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан таъкидланганидек, Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Маърузачи Конституциявий комиссия томонидан аҳолининг фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли олиб борилаётгани тўғрисида таҳлилий маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилаётгани айтиб ўтилди. Энг кўп ўзгартиш киритиш бўйича таклиф Конституциянинг иккинчи, учинчи ва бешинчи бўлимларига тегишли эканлиги таъкидланди. Биргина бешинчи бўлимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича жами 6 минг 302 та, учинчи бўлимга 5 минг 717 та таклиф келиб тушган. Еттинчи, ўнинчи, йигирма биринчи бобларни ўзгартириш ва уларга қўшимчалар киритиш бўйича ҳам жуда кўп таклифлар келиб тушганлиги айтиб ўтилди.

Алоҳида қайд этиб ўтилдики, бугун барча ислоҳотларимиз негизида “Инсон қадри учун” ғояси мужассам. Аслида ҳаётда яшашимиздан асосий маъно ҳам шу. Оиламиз ва хонадонимиз тинч бўлса, муносиб ҳақ оладиган касбу кор эгаси бўлсак, қўни-қўшни билан тотув яшасак, фарзандларимиз илмли бўлиб, руҳан ва жисмонан соғлом улғайса, жамиятда ўз ўрнини топса ҳар биримизда ҳаётдан шукроналик ҳисси пайдо бўлади.

Янгиланаётган Конституцияда инсон учун муҳим бўлган барча ҳуқуқлар аниқ-тиниқ ифода этилади. Пировард натижада жамиятимиз ҳар бир аъзосининг эзгу мақсадлари қамраб олинган ва ҳаётий истаклари мужассам бўлган ҳақиқий халқчил Конституцияни қабул қилинади.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Банк-молия академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тингловчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.


Улашинг: